Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 123,1% га ўсди
Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади 123,1% га ўсди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақда олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон халқ демократик партияси фракциясининг 21 майдаги мажлиси якунларида маълум бўлди. Унда депутатлар Молия вазирлигининг давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги, шунингдек 2019 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилдилар.
"2019 йилнинг биринчи чорагида аҳолининг умумий даромадлари 64,9 трлн сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 123,1% га ўсди. Истеъмол баҳосидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръатлари 108,6% ни ташкил этди. Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджети умумий харажатларининг 54,4% миқдорида маблағ сарфлангани қайд этилди", - дейилади парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари давлат бюджети ва давлат жамғармалари бюджетлари ижросига доир аниқ фикр ва қарорлар, шунингдек, таклифлар билдирдилар.
Сурат манбаи: parliament.gov.uz