Ўзбекистон АҚШ билан биргаликда сил билан курашиш бўйича масофавий марказлар очмоқда

Дата: 14:35, 13-04-2018.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида сил билан курашнинг энг яхши амалиётларини жорий қилиш мақсадида USAID кўмагида Тошкент шаҳрида Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказини ва Бухоро вилоятида унинг шўъбаси очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказ Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази биносида очилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан маълум қилишларича, марказ тиббий хизмат мутахассисларига ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тиббиёт билим юртлари талабаларига жойларда ва масофавий услубда клиник маслаҳатлар бериш ва устозлик қилишни йўлга қўяди.

USAID ўзининг Сил касаллигига қарши курашиш дастури орқали техник ёрдам кўрсатди ва марказга видео-конференция, ахборот технологиялари ва офис ускуналарини тақдим этди. Бу Тошкент шаҳридаги Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказидаги шифокорларга Бухоро вилоят сил касалликлари шифохонасидаги ҳамкасблари билан онлайн тиббий консультациялар ўтказиш имконини беради. Бу эса сил касаллигини аниқ ва тез диагностика қилиш ва даволаш мақсадида билим ва клиник тажриба алмашиш учун имконият эшигини очади.

Шунингдек, Марказ минтақавий сил касалликлари муассасаларидаги тиббий ходимлар учун масофавий ўқитиш воситаси сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Марказнинг шўъбалари очилади ва бу бутун мамлакат бўйлаб сил касаллиги бўйича мутахассисларни самарали равишда боғлайди. Бу эса таълимнинг тармокли фойдаланиш имконияти ва биргаликда қарор қабул қилиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, сил касаллиги бўйича хизматларнинг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилайди.

Шунингдек, USAID Ўзбекистон бўйлаб сил касаллиги бўйича мутахассисларни Рутгерц университети Глобал Сил касалликлари институтига (АҚШ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликдаги кўп сонли дориларга турғун сил касаллигини ўрганиш тадқиқот ва тренинг марказига (Латвия), Сил касалликлари бўйича миллий ўқитиш марказига (Тожикистон) ўқиш ва ўрганиш мақсадидаги сафарларини амалга оширишга кўмаклашди.

Эслатиб ўтамизки, АҚШ USAID орқали Ўзбекистонга Сил касаллигининг олдини олиш миллий дастурини амалга ошириш кўмаклашиб келмоқда. Умумий қиймати $7,6 млн бўлиб, сил касаллигига қарши курашишга қаратилган 5 йиллик дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сил касаллиги юкини камайтириш ва касалликнинг кўп дори-дармонларга турғун шаклларининг олдини олишдан иборат.

Сурат манбаи: https://ru.sputnik.kg/society/20170324/1032494674/kak-ne-zarazitsya-tuberkulezom-sovety-glavnogo-ftiziatra-kyrgyzstana.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: