Ўзбекистон АҚШ билан тажриба алмашиш, ҳарбий-техникавий, мудофаа ва хавфсизлик йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор – Мирзиёев
Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон АҚШ билан тажриба алмашиш, ҳарбий-техникавий, мудофаа ва хавфсизлик йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир, деди Шавкат Мирзиёев Пентагонга ташрифи ва АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокаралар доирасида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Давлатимиз раҳбари кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик учун АҚШ томонига миннатдорлик билдириб, Президент Дональд Трамп билан ўтган мулоқот натижасида давлатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Ташқи сиёсатимиздаги очиқлик ва яхши қўшничилик принципларига асосланиб, деб давом этди Мирзиёев, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. “Ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, ҳарбий билим юртлари ислоҳ қилинди. Ўзбекистон бу соҳада Америка Қўшма Штатлари билан тажриба алмашиш, ҳарбий-техникавий, мудофаа ва хавфсизлик йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида, АҚШ мудофаа вазири Президентимиз ташрифидан мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон минтақадаги муҳим геостратегик давлат эканини таъкидлади.
“Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳити яратилди. Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан мулоқотларингиз, Афғонистон ишлари бўйича махсус вакил тайинлаганингиз муҳим аҳамиятга эга. Расмий ташрифингиз доирасида қабул қилинган беш йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, - деди Жеймс Мэттис.
Учрашувда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Сурат манбаи: https://uzreport.news/politics/prezident-shavkat-mirziyoev-provel-peregovori-s-ministrom-oboroni-ssha