Ўзбекистон АҚШга экспорт ҳажмини $1,5 млрдга ўстириш ниятида

Дата: 15:38, 23-10-2019.

Тошкент. 23 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон АҚШга экспорт ҳажмини $1,5 млрдга ўстириш ниятида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

22 октябрь куни Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Вашингтондаги АҚШ савдо вазири Уилбур Росс билан учрашувида бу ҳақда сўз юритилди. Томонлар ўзаро савдо-сотиқнинг ҳозирги ҳолати ва АҚШ ва Ўзбекистон савдо айланмасини ошириш бўйича истиқболли механизмлар юзасидан фикр алмашдилар.

"Мулоқот чоғида ўзбек делегацияси томонидан ўзаро савдони ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг АҚШга амалга ошираётган экспорт ҳажмини 60 турдаги маҳсулотлар номенклатураси ҳисобига $1,5 млрдга ошириш бўйича таклифи АҚШ томонидан ўрганиш чиқиш учун қабул қилинди", - дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар рўйхати АҚШ Савдо вазирлиги раҳбариятига савдо битимлари ва шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида тақдим этилди.

"Америкалик ҳамкасблар АҚШ бозорининг товар сотиш учун таклиф этилган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини диққат билан ўрганиб чиқишга ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларини АҚШ бозорига олиб чиқишга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар", - дейилади хабарда.

Шунингдек, ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирлар иштирокида вазирлик даражасида "C5+1" форматида давлатлараро ҳамкорлик учун платформалар ташкил этиш орқали Марказий Осиё минтақаси ва АҚШ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш таклифи ҳам билдирилди.

Бундан ташқари, Америка тарафини Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига (БСТ) аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

"Учрашув якунида ўзаро савдо-сотиқни жадаллаштириш ва масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича доимий ҳамкорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий даражадаги экспертлардан ва АҚШ Савдо-саноат вазирлигидан ташкил топган идоралараро ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: mift.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: