Ўзбекистон адлия органлари Ягона портал орқали шикоятлар қабул қилади
Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон тадбиркорлари Адлия органларига Ягона портал орқали уларга нисбатан баъзи мансабдор шахсларнинг адолатсиз муносабатда бўлиш фактлари юзасидан интерактив шаклда шикоят йўллаш имконига эга бўлдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ААТҚ малумотига кўра, юқоридаги ҳолат ортиқча ҳужжатларнинг талаб этилиши, тадбиркорлик субъектларини мажбурий меҳнат ресурсларига ҳамда ҳомийликка жалб этиш билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлиши мумкин.
Эндиликда, юқорида санаб ўтилган ҳолатлар юзасидан қонунбузарликлар содир этилганда тадбиркорлик субъектлари ўз иш жойларидан Адлия органларига Ягона портал орқали интерактив шаклда шикоят йўллашлари мумкин.
Эслатиб ўтамизки, айни пайтда Ягона порталда тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, Бош Вазир номига мурожаат йўллаш, солиқ идоралари томонидан бериладиган электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ягона порталда рўйхатдан ўтиш ҳамда молия муассасаларига кредит олиш учун ариза бериш каби бир қатор давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.