Ўзбекистон Адлия вазирлиги 138 бўш нотариуслар лавозимларига танлов ўтказмоқда

Дата: 15:59, 02-11-2018.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Адлия вазирлиги республика бўйича 138та янги таъсис этилган нотариус штат бирликлари учун танлов ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Тошкент шаҳрида – 28та, Тошкент вилоятида – 17та, Самарқандда – 15та, Фарғонада – 13та, Сурхондарёда – 12та, Андижон, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида – 9тадан, Бухоро ва Жиззах вилоятларида – 6тадан, Навоийда – 5та, Наманганда – 4та, Қорақалпоғистон Республикасида – 3та ҳамда Сирдарё вилоятида – 2та бўш нотариус лавозимлари учун танлов эълон қилинган.

Вазирликдан хабар беришларича, танловда 25 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида 3 йил ишлаган шахслар стажировка ўтамасдан танловда иштирок этишлари мумкин.

Бугунги кунда нотариуслар ойлик лавозим маошлари (барча устамалар ва пуллик хизматлардан келиб тушадиган даромадлар билан ҳисоблаганда, солиқлар тўлангандан сўнг) 4 млн сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсатгич Тошкент шаҳрида 6 млн сўмни, Самарқанд вилоятида 4 млн сўмни, Фарғона вилоятида 4,5 млн сўмни ташкил этмоқда. Ушбу маош миқдори нотариал идора томонидан кўсатилган хизматлар ҳажмида келиб чиқиб янада кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

$1=8236,87 сўм

Сурат манбаи: http://kommersant.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: