Ўзбекистон Адлия вазирлиги журналистлар учун амалий қўлланма ишлаб чиқди

Дата: 17:32, 17-12-2018.

Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Адлия вазирлиги журналистлар учун амалий қўлланма ишлаб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Адлия вазирлиги журналистлар учун “Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари” амалий қўлланма тайёрлади. Бугун Тошкентдаги Wyndhem меҳмонхонасида бўлиб ўтган журналистлар учун анжуманда ушбу қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди”, - дейилади муассаса матбуот хизматининг хабарида.

Ушбу қўлланма журналистлар ва блогерларга ахборот тарқатишни тўғри ва ҳуқуқий жиҳатдан саводли тарзда амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан тайёрланган ушбу китоб моҳиятига кўра ноёбдир. Хусусан, қўлланмада ахборот тарқатишда инсон ҳуқуқларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор берилган, шу жумладан, айбсизлик презумпцияси, бола ҳуқуқлари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик каби масалалар таҳлил қилинган.

“Шунингдек, ахборот ва журналистика фаолиятига доир қандай қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар бор, у ёки бу вазиятда қандай йўл тутилса қонунийлик нуқтаи назаридан тўғри бўлади, фейкларни қандай аниқлаш мумкин, жиноятчилик ҳақида ҳабар бериш билан уни тарғиб қилиш ўртасида қандай чегара бор, ахборот тарқатишнинг масъулияти, ёлғон хабар тарқатишнинг жавобгарлиги каби муҳим масалалар ёритилган”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда бировнинг шахсиятига тегиш, шаънини булғаш, туҳмат қилиш ёки ёлғон хабар тарқатиш орқали шахснинг обрўсига путур етказиш, санкцияланмаган оммавий тадбирларга чақириқларни эълон қилиш каби ҳолатлар ҳам таҳлил қилинган ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, яъни масъулият ва жавобгарлиги масалалари баён этилган.

Сурат манбаи: http://protoday.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: