Ўзбекистон аэростатлардан сайёҳлик мақсадларида фойдаланишни режалаштирмоқда

Дата: 15:45, 06-03-2018.

Тошкент. 6 март. ЎзТАГ – Апрел ойида Ўзбекистонда Халқаро Аэронавтика Федерациясининг учувчилари иштирокида аэростатлардан сайёҳлик мақсадларида фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шуннгдек, Ўзбекистон ҳудудига ҳар бирининг ҳажми 2 минг кубометр бўлган тўртта спорт аэростатлари олиб келиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Халқаро аэронавтика федерацияси (FAI, Швейцария) учувчилари делегацияси раҳбари Питер Блазер ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливер Шав билан учрашувда сўз кетди.

Жумладан, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида аэронавтика бўйича халқаро чемпионатлар ва фестивалларни ташкиллаштириш, маҳорат дарслари ва намойишларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Айни пайтда мамлакатнинг йирик шаҳарларида, хусусан, Тошкент ва Бухорода аэростатлар ёрдамида тадбирларни ташкил етиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Томонлар режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда аэронавтика хизматларини илгари суриш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Сурат манбаи: http://turkistonpress.uz/article/32701

Янгилик билан ўртоқлашиш: