Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтирди

Дата: 17:33, 29-04-2015.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон чегара хизмати чегараолди туманларида жангарилар йиғилаётганлиги тўғрисидаги хабарлар чиқиши баробарида Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтирди. Бу тўғрисида РИА Новости республика куч тизимларидаги юқори мартабали манбага асосланган ҳолда хабар қилди.

Душанба куни “Толибон” радикал ҳаракатининг юзлаб жангарилари Қундуз провинциясидаги полиция ва ҳукумат қўшинлари назорат пунктларига хужум уюштирган. Жангарилар провинция пойтахти Қундузга хужум қилиш билан таҳдид қилганлар. Тўқнашувлар сабабли Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ҳиндистонга расмий сафари муддатларини кечиктириш ҳақида қарор қабул қилган. Жангарилар билан жанглар тўртинчи кун давом этмоқда. Кўпчилик экспертлар провинция тез орада Толибон қўл остига ўтиб кетишидан хавотирда.

“Қундуз бевосита Ўзбекистон ҳудудига туташ бўлмасада мамлакат чегара қўшинлари кучайтирилган хизмат қилиш тартибига ўтди”, - деб хабар қилди манба.

Мустақил “Афғонистон таҳлилчилари тармоғи” нотижорат ташкилоти (Afghanistan Analysts Network) маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан узунлиги 137 километрлик чегараси собиқ совет давлатлари чегараларининг ушбу мамлакат билан энг яхши ҳимояланган чегара участкасидир. Таҳлилчиларнинг айтишларича, участкадаги назорат-ўтиш пунктлари яхши қуролланган ва жиҳозланган. Афғонистондан Ўзбекистонга дарё орқали одамларнинг ноқонуний киришининг олдини олиш мақсадларида чегара қўшинлар Амударё тарафда қирғоқни қўриқлаш катерлари билан таъминланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: