Ўзбекистон Афғонистон билан товар айланмаси ҳажмини $1,5 млрдга етказишни режалаштирмоқда

Дата: 09:33, 26-03-2018.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Яқин йилларда Ўзбекистон Афғонистон билан товар айланмаси ҳажмини $1,5 млрдга етказишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон президентининг топшириғига кўра, 2017 йил бошида ушбу мақсадга етиш мақсадида “йўл харитаси” қабул қилинган.

Кейинги икки йилда ўзбек-афғон товар айланмаси ҳажмининг ўсиши, унинг таркиби янги товарлар билан бойиши кузатилмоқда.

2017 йил якунлари бўйича товар айланмаси ҳажми 15% ўсди ва $600 млнга етди. 2018 йил январда товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг муқобил даврига солиштирганда деярли 30% ўсди.

Эслатиб ўтамизки, Қобулда Ўзбекистоннинг савдо уйи очилган бўлиб, у ерда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли доимий кўргазма ишламоқда.

2017 йил сентябрда Мозори-Шарифда “Uztrade” шоу-руми очилган бўлиб, унда Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилади. Ҳозирда афғон ҳамкорлар билан $29 млндан зиёдлик шартномалар имзоланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонга “СамАвто”да ишлаб чиқарилган 25 автобус, 3 трактор ва эҳтиёт қисмлар совға қилган.

Ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадларида Термизда божхона терминали ва халқаро логистика маркази ҳам очилган.

Сурат манбаи: http://www.dailynews.kz/acidents/zator-iz-bolshegruznyx-mashin-obrazovalsya-na-kazaxstansko-uzbekskoj-granice

Янгилик билан ўртоқлашиш: