Ўзбекистон академикларига бериладиган ҳар ойлик гонорар миқдори оширилди

Дата: 15:53, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – 2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академиясининг (ФА) ҳақиқий аъзолари ва собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 12 баробари (олдин 10 баробари эди) миқдорида, собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзолари учун эса – энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари (олдин 7 баробари эди) миқдорида ойлик гонорар тўлаш белгиланди.

 Академикларга ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни ажратишни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиш топширилди.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йилда бошлаб Ўзбекистон Фанлар академиясининг фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. ФА таркибида қатор ўзгаришлар қилинди, Навоий шаҳрида Академиянинг бўлими очилди, янги таркиб тасдиқланди. Фанлар Академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилди.

2018 йил 1 декабрдан бошлаб 1 ЭКОИҲМ 172240 сўмга тенг.

$1= 8120,07 сўм.

Сурат манбаи: https://www.norma.uz/novoe_v_zakonodatelstve

Янгилик билан ўртоқлашиш: