Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини янги раҳбар бошқаради

Дата: 16:27, 03-02-2017.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги фармони билан Шерзод Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида муассаса ахборот хизмати хабар берди. Бундан олдин Ш.Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлар эди.

Вазирликнинг олдинги раҳбари Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг раиси этиб тайинланди.

“Вазирлик жамоаси Х.М. Мирзоҳидовга мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришдаги улкан меҳнати, вазирлик жамоаси ҳамда соҳа муассасаларининг ҳамжиҳат фаолиятларини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун миннатдорлик билдиради”, - дейилади хабарда.

Қўшимча ўрнида, 39 ёшли Шерзод Шерматов Тошкент давлат техника университети ва Йель университетини тамомлаган. 2016 йил ноябридан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Бундан олдинроқ, 2014 йилдан бери Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлган. 2012-2014 йилларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар давлат қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган.

Шунингдек, у Ўзбекистон ҳукумати ва БМТТДнинг “Рақамли тараққиёт ташаббуси”, кейинчалик “АКТ сиёсати” дастурларини бошқарган, БМТТД ваколатхонасининг самарали бошқарув бўлими раҳбари бўлган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент маъмуриятида ишлаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: