Ўзбекистон Ахборот технологиялари вазирлиги Microsoft билан меморандум имзолашди

Дата: 16:06, 22-09-2017.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Microsoft компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Иккитомонлама ҳамкорлик йўналишлари ифодаланган ҳужжат Ўзбекистон ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида жаҳоннинг нуфузли компанияларидан бири бўлган Microsoft билан алоқаларни янги босқичга кўтаради.

Хужжатда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни кучайтириш, Ўзбекистонда кибер хужумларга қарши тизимларини мустаҳкамлаш, ахборот технологиялари ва "булутли" технологияларда, шунингдек мобил ишланмалар, очиқ маълумотлар ҳамда big dataни тарқатиш ва қайти ишлашда, дастурий таъминот ишлаб чиқариш, “буюмлари интернети” учун ишланмалар тайёрлаш йўналишларида инновацияларни амалга ошириш каби истиқболли ҳамкорлик белгилаб олинди.

Ҳамкорлик меморандумига кўра, алоқалар босқичма-босқич мустаҳкамланиб боради ва амалга оширилади. Ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш шартларига кўра, Microsoft компанияси ўзбекистонлик мутахассислар билан "булутли" ва мобил технологиялар бўйича тажриба ҳамда билимларини ўртоқлашади, стартапларни амалга ошириш ва "булутли" ва мобил бизнес-ишланмаларни, очиқ ва big data маълумот тизимларини яратиш, шунингдек ИТ-кўникмаларни ва кибер хужумлардан ҳимояланиш бўйича ташкил қилинадиган машғулотларни ўтказишда малакали экспертлар билан қўллаб-қувватлайди.

Эслатиб ўтамизки, 1975 йилда асос солинган Microsoft корпорацияси дастурий таъминот ишлаб чиқариш, инсонларнинг салоҳиятларини намойиш этишга хизмат қиладиган инноватсион хизмат ва ечимларни ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади.

Компания 190 давлатда фаолият олиб боради. Унинг маҳсулотларини аксарият персонал компютерлар қўллаб-қувватлайди ва жаҳоннинг 45 тилига таржима қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: