Ўзбекистон АКТ ривожи индексида Хитойга етиши учун 29 поғона юқорилаши керак

Дата: 11:38, 26-11-2014.

Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон (115-ўрин) Халқаро электралоқа иттифоқининг ҳар йили эълон қилинадиган “Ахборот жамиятини ўлчаш” (Measuring the Information Society Report) ҳисоботидаги ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) индексида Хитойга (86-ўрин) етиши учун 29 поғона юқорилаши керак, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳисоботга мувофиқ, индекс уч кўрсаткичдан иборат. Булар АКТ фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, улардан фойдаланиш даражаси ва улар билан ишлаш уқувларидир. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон навбати билан 136-, 101- ва 91-ўринларни эгаллаган.

Рўйхатни Дания (1), Корея Республикаси (2) Швеция (3), Исландия (4), Буюк Британия (5) каби мамлакатлар бошқариб бормоқда. Биринчи ўнталикка Норвегия (6), Голландия (7), Финляндия (8), Гонконг (9) ва Люксембург (10) ҳам кирган.

МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши натижа Беларусияда (38-ўрин). Кейинги ўринларда Россия (42), Қозоғистон (53), Молдавия (61), Озарбайжон (64), Украина (73), Арманистон (74), Грузия (78) ва Қирғизистон (108) бормоқда. Туркманистан рейтингга умуман кирмаган.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 116-ўринни эгаллаган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: