Ўзбекистон АКТ соҳаси корхоналари хизматлар кўрсатиш ҳажмини 16,4% кўпайтирдилар
Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш тизими корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 16,4 % ошиб, 3,4 трлн сўмни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
“Халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш умумий тезлиги йил бошига нисбатан 27,7% ўсиб, 21,25 Мбит/с.ни ташкил қилди. Кенг полосали интернет хизматларини кўрсатувчи симли портлар сони 716,9 мингга, портлардан фойдаланиш кўрсаткичи 21,5 % ошди”, - деб таъкидлашди Ахборот технологиялари вазирлиги матбуот хизматида.
Оператор ва провайдерлар учун интернет-хизматлари тарифлари Халқаро коммутация маркази пакетлари билан бирга, йил боши билан солиштирганда 21,75 %, яъни 1 Мбит/с. учун $202,9 пасайтирилиб, 2014 йилнинг муқобил даври билан солиштирганда 33,1 % арзонлаштирилди.


