Ўзбекистон ҳарбий делегацияси АҚШга ташриф буюрди

Дата: 10:27, 12-09-2019.

Тошкент. 12 сентябрь. ЎзТАГ - Ўзбекистон ҳарбий делегацияси АҚШга ташриф буюрди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Мудофаа вазири ўринбосари Азизбек Икромов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳарбий делегацияси ҳарбий таълим соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, ҳарбий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида 9-13 сентябрь кунлари АҚШда бўлади", - дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

9 сентябрь куни А.Икромовнинг АҚШ миллий мудофаа университети (УНО) президенти Фриц Ругге билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда олий даражадаги офицер кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий тадқиқотлар ўтказиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди. Томонлар АҚШнинг УНО ва Ўзбекистон қуролли кучлари Академияси ўртасидаги ҳамкорликнинг амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбек делегацияси университетнинг инфратузилмаси, ҳарбий кадрларни тайёрлашга ёндашувларнинг умумий тизими, шунингдек, касб-ҳунар ҳарбий таълимининг алоҳида курслари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишнинг асосий принциплари билан танишди.

Шунингдек, ўзбек делегацияси Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази (NESA) директори Томас Вульф билан учрашди. Томонлар минтақавий хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш масалалари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидладилар.

10 сентябрь куни Ўзбекистон делегациясининг Миссисипи штатидан АҚШ Конгресси вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли ҳамда АҚШ мудофаа вазирлиги вакили Амер Латиф билан учрашувлари бўлиб ўтди. Учрашувлар чоғида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати бўйича ва амалга ошириш мумкин бўлган йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, 11 дан 13 сентябрга қадар Пенсильвания штатининг Карлайл шаҳрида АҚШ армияси ҳарбий коллежига (Army War College) ташриф буюриш режалаштирилган.

 

Сурат манбаи: mudofaa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: