Ўзбекистон ҳарбийлари Буюк Британиядаги мусобақаларда иккинчи бўлдилар

Дата: 16:21, 24-10-2017.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Буюк Британиядаги халқаро мусобақада иккинчи ўринни олдилар. Сафардан қайтган жамоани тантанали кутиб олиш маросими Тошкент аэропортида бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистонликлар разведка бўлинмалари ўртасидаги “Кембрий патрули 2017” халқаро мусобақасида илк марта иштирок этдилар. Улар Буюк Британиянинг Уэльсидаги Кембрий тоғларида 10-17 октябр орасида беллашдилар.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, юқоридаги мусобақа энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан таққослаш мумкин.

Кембрий тоғларининг ўзида совуқ иқлим шароити, ботқоқлик ва бориш қийин ўрмонлар ҳукм суради. Иштирокчилар тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз энг ками 25 кг юк билан 65 км масофани босиб ўтишда 1000 м баландликка кўтарилиб, 750 м пастликка тушдилар.

Ҳарбий машқ давомида иштирокчилар махсус вазифаларни бажардилар. Хусусан, тоғли ва сувли тўсиқларини ошиб ўтишди, жойларда разведкани олиб боришди, шартли душманнинг турган жойини аниқлашди ва уни йўқ қилиш бўйича операцияни амалга оширишди, шунингдек, шартли жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, гаровга олинганларни озод этишди ва эвакуация қилишди, ҳарбий асирни сўроқ қилиб, пистирма ва пистирмага қарши ҳаракатларни бажаришди.

Жорий йилда “Кембрий патрули” мусобақаларида 29 давлатдан 139 та жамоа иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, бу ўзбек разведкачиларининг жорий йилдаги илк муваффақияти эмас. Ўтган ёзда улар Новосибирскда Учинчи Армия халқаро ўйинларида “Ҳарбий разведка аълочилари” конкурсида учинчи ўринни олишган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: