Ўзбекистон аскарлари тарих ва “Темур тузуклари” бўйича имтиҳон топширадилар

Дата: 09:48, 29-11-2018.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – 28 ноябрда Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон президенти Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишнии ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш. Мирзиёев йиғилишда Ҳаракатлар стратегияси асосида барча масалалар қатори ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган йўналишлар ҳаётга татбиқ этилди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Шундан кейин маълум қилинишича, ўтган қисқа вақтда ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва вазифалари бўйича бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Натижада қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.

Мамлакатимиз армияси қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингда бир йилда 9 поғонага кўтарилгани, Буюк Британияда ўтказилган нуфузли “Кембрий патрули” танловида ҳарбийларимиз 90 мамлакатдан иштирок этган 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллади, деб қайд этилади хабарда.

Шунингдек, армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритмоқда.

Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилгани таъкидланди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ш. Мирзиёев ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши кераклигини таъкидлади.

“Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди", - дейилади хабарда.

Ш. Мирзиёев мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий дарсларга шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориб, хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берди.

 

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: