Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбега 25 йилда илк марта қўйилган авиарейсни бекор қилди

Дата: 12:04, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – "Ўзбекистон Ҳаво Йўллари" Миллий авиакомпанияси (МАК) Душанбега 25 йилда илк марта қўйилган авиарейсни бекор қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Интерфакснинг маълум қилишича, 4 апрелда амалга оширилиши зарур бўлган рейс чипталар жуда кам сотилгани сабабли бекор қилинган.

“4 апрелда амалга оширилиши зарур бўлган рейс чипталар етарлича сотилмаганлиги сабабли бекор қилинган”, - деди авиакомпания вакили.

2016 йил ноябрда Душанбеда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиаалоқани 2017 йилнинг биринчи ярмида қайта тиклаш ҳақида хужжат имзоланган эди.

2017 йил мартида "Ўзбекистон Ҳаво Йўллари" Миллий авиакомпанияси 4 апрелдан бошлаб “Тошкент-Душанбе-Тошкент” йўналишида ҳафтасига икки марта сешанба ва шанба кунлари рейсни амалга оширишини эълон қилган, чипталар сотуви бошланган эди. Душанбеда авиакомпания ваколатхонаси иш бошлаган эди.

Ҳозирча доимий рейслар қачондан яна қайта тикланиши номаълум. Тожик томонидан учишларни “Сомон Эйр” авиакомпанияси амалга оширади.

Эслатиб ўтамизки, икки мамлакат ўртасидаги авиақатнов 1992 йилда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланганидан кейин тўхтаб қолган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: