Ўзбекистон бўйича суғурта мукофотлари учдан бирга ўсди

Дата: 17:48, 04-07-2017.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон суғурта компаниялари томонидан 692,6 млрд. сўм суғурта мукофоти йиғилган бўлиб, бу 2015 йилга нисбатан 34,3% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шундан ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта мукофотлари ҳажми 485 млрд. сўмни (+47%) ва мажбурий суғурта турлари бўйича - 207,6 млрд. сўмни (+11%) ташкил этди.

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон молия вазирлигининг таҳлилий ҳисоботида келтирилган. 

Суғурталовчиларнинг 2015 йил 31 декабр ҳолатига амалда бўлган шартномалари бўйича ялпи суғурта мажбуриятлари 298,1 трлн сўмга (-13%) етди. Суғуртанинг барча турлари бўйича 2016 йилда суғурталовчилар томонидан амалга оширилган суғурта тўловларининг умумий ҳажми 130,5 млрд сўмни (+13%), шу жумладан, ихтиёрий суғурта турлари бўйича – 934 млрд сўмни (+74%) ва мажбурий суғурта турлари бўйича - 33,1 млрд сўмни (+49%) ташкил этди.

 2016 йил якунларига кўра суғурта мукофотлари ва суғурта тўловлари тузилмаси бозор бўйича суғурта мукофотлари (70%) ва амалга оширилган суғурта тўловларининг (72%) аксарият қисми ихтиёрий суғуртага тўғри келишини кўрсатмоқда.

2016 йил 31 декабр ҳолатига Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорида 26 суғурталовчи, шундан 23 таси умумий суғурта тармоғида ва 3 таси ҳаётни суғурта қилиш тармоғида, 3 суғурта брокери, 4 актуар ташкилоти, 18 ассистанс, ажастерлик ва сюрвейерлик компаниялари фаолият кўрсатиб, суғурталовчилар ўз штатида 4,9 минг ходимга, шунингдек 5,5 мингдан зиёд суғурта агентига эгалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: