Ўзбекистон Бадиий академиясида Нормурод Неъматовнинг муаллифлик кўргазма-спектакли бўлиб ўтди
Дата: 10:51, 08-07-2014.
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар залида Нормурод Неъматовнинг кўргазма – спектакли бўлиб ўтди. Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳайкалтарошлик бўлимининг битирувчиси Н.Неъматов “Ҳақиқатнинг туғилиши” деб номланган диплом ишини томошабинлар ва комиссия аъзоларига намойиш этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Бадиий Академиясига асосланган ҳолда.
Тадбирда таниқли маданият ва санъат намояндалари, институт профессор-ўқитувчи ва талабалари, санъатсевар мухлислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Асар негизида сўфийлик семантикаси бўлиб, у “Худо ҳаммасини яратди. Худо ҳамма жойда ва ҳаммаси Худодан. Худо менда ва мен худодаман” деган ақидани акс эттирди.
Бутун композиция эхромни ифода этган бўлиб, унинг ярим доирани ўз ичига олган қисми – эркакликнинг бошланиш белгиси, Коинот ярмининг туғилишидир.
Н. Неъматов томонидан қўйилган спектакль ҳамда мусиқасини ҳам муаллифнинг ўзи басталаганлиги томошабин ҳиссиётларини кучайтириб ўзига жалб этади. Оригинал пьеса ва ноталар муаллиф томонидан ўзига хос равишда талқин этилган. Спектакль интерфаол бўлиб – экспозиция ва спектаклни худди Самодан кўраётгандек залнинг иккинчи қаватидан томоша қилганда, чексиз Коинот тимсоли ярим қоронгуликда, томошабинларнинг кўз ўнгида намоён бўлади.
“Ўзбекистон Бадиий Академияси ўзининг ёш истеъдодлари билан фахрланса арзийди. Бугун Ўзбекистон ҳайкалтарошлигида янги истеъдоднинг - Нормурод Неъматовнинг туғилишига гувоҳмиз. Унинг ижоди таҳсилнинг илк кунларданоқ барчани ўзига жалб этган эди. У доимо ҳаётнинг азалий саволлари устида бош қотириб келади. Нормуроднинг ижодида ҳайкалтарошга хос бўлган фикрий эркинлик, пластика мавжуд. Ёш ҳайкалтарошнинг асарида тасвирий санъат, мусиқа, шеърият, хуллас санъатнинг барча турлари уйғунланган дейиш мумкин. Умид қиламанки, ёш рассом Ўзбекистон тасвирий санъатига катта ҳисса қўшади”, - деб ўртоқлашди ўз фикрлари билан Рассомлар ижодий бирлашмаси масъул котиби Фарида Мақсумова.