Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея тадбиркорлик бирлашмаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Дата: 14:27, 23-11-2017.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Кичик ва ўрта бизнес конвергент ассоциациялари уюшмаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжат 22 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши ҳамда юқори даражаларга кўтарилишига имкон яратади. Шунингдек, Корея Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланишни истовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг малакасини оширишга хизмат қилади.

Имзоланган Меморандумнинг мақсад ва мазмунига асосланган ҳолда, иккала томон ҳам сиёсий жиҳатдан рухсат этилган масалалар доирасида ўзаро консультация (маслаҳатлашув) тадбирларини ўтказиш, ўзаро тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 1996 йилги келишувлар доирасида Ўзбекистоннинг ўн минглаб фуқаролари Корея Республикасида расман меҳнат қилади.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: