Ўзбекистон Бангладешга қиймати $5 млнлик калава етказиб беради

Дата: 16:48, 02-02-2018.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бангладешга қиймати $5 млнлик калава етказиб беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бундай келишувга Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Бангладеш Халқ Республикасига 24-27 январ кунлари ўтказилган ташрифи доирасида эришилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, сафардан кўзланган мақсад – Бангладеш Республикасининг тўқимачилик ва трикотаж саноати ривожи бўйича тажрибасини ўрганиш бўлди. Делегациянинг ташрифи доирасида тўқимачилик саноати вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Хусусан, музокаралар доирасида Бангладеш тўқимачилик ва жут вазири жаноб Эмаз Уддин Праманик тўқимачилик саноатининг ривожланиш босқичлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек бангладешлик томони Ўзбекистон раҳбариятининг валюта бозори ва экспорт-импорт операцияларини эркинлаштириш бўйича сўнгги қарорларига катта қизиқиш билдирди.

 “Делегациянинг ташрифи доирасида Бангладеш Республикасининг энг яхши 20 корхоналари сафига кирувчи “Turag Knit Composite Ltd” корхонасига борилди. Бу корхона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида “Ўзтекстилсаноат” уюшмасига кирувчи мамлакат тўқимачилик корхоналари вакиллари “Yarn and Fabrics Fair 2018” кўргазмасига ташриф буюрдилар. Тадбирда Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Сингапур, Туркия ва бошқа мамлакатлар тўқимачилик компаниялари иштирок этди”, - дейилади ССП матбуот хизмати хабарида.

 Кўргазма якунлари бўйича “Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги” МЧЖ ва “New Look Apparels Ltd” компанияси ўртасида қиймати $5 млнлик калава етказиб бериш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, юқоридаги агентлик ва Acotex HK Ltd ўртасида маркетинг хизматлари кўрсатиш бўйича меморандум ҳам имзоланди. 

Сурат манбаи: http://elena-govorova.blogspot.com/2012/01/blog-post_13.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: