Ўзбекистон банк назоратчиси инфляция бўйича прогнозни қайта кўриб чиқди
Тошкент. 24 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон банк назоратчиси инфляция бўйича прогнозни 11,5-13,5 фоиздан 16-17 фоизгача қайта кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Йиллик инфляция даражаси 2018 йилнинг август ойида ҳам дастлабки прогноз кўрсаткичлари доирасида пасайишда давом этиб, 15,7%ни ташкил этди. Мазкур динамика мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий арзонлашиши ҳамда 2017 йилдаги пул массаси ошиши ва миллий валюта девальвациясининг инфляция даражасига таъсирини камайиб бориши билан изоҳланади”, - дейилади Марказий банк матбуот хизмати хабарида.
Шундан кейин қайд этилишича, Марказий банк томонидан 2018 йилнинг бошида иқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига мувофиқ йил якуни бўйича инфляция даражасини 11,5-13,5% оралиғида бўлиши прогноз қилинган эди. Ушбу прогноз қуйидагиларга асосланган эди: асосий савдо ҳамкор давлатларда макроиқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланиши билан мамлакатимиз учун қулай ташқи иқтисодий шароитларнинг сақланиб қолиниши; маъмурий тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг бир маромда оширилиши; умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижроси таъминланиши; иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг мўтадил суръатларда ўсиши.
“Аммо, бугунги кунда юзага келган ҳолат монетар сиёсатнинг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ва кейинги пул-кредит сиёсати шарҳларида қайд этилган инфляцион хатарларнинг кучаяётганлигини кўрсатмоқда. Инфляцион хатарларнинг кучайиши қуйидаги омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, ташқи омиллар таъсирида сўмнинг “реал самарали алмашув курси”нинг ошиб бораётганлиги. Девальвацион босимнинг кучайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланишига жавобан мослашуви билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига кумулятив таъсири кейинги еттита чорак давомида кузатилиб, унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади”, - дейилади хабарда.
Иккинчидан, деб таъкидланади яна, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши. “Учинчидан, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги. Тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлсада, ушбу нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурий чора ҳисобланади. Мазкур жараённи ортга сурилиши пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтиради ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни сифатли амалга оширилишига тўсқинлик қилади. Тўртинчидан, бюджет харажатларининг прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши”, - дея қайд этилади хабарда.
Шу билан бирга, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича, дея маълумот беради МБ экспертлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмаларининг пасайиши билан бир қаторда узоқ муддатли кутилмаларнинг барқарорлашуви қайд этилган эди.
“Аммо, ташқи иқтисодий ҳолат ва унинг таъсирида ички бозордаги ўзгаришлар натижасида август ойи якуни бўйича қисқа муддатли кутилмаларнинг июл ойига нисбатан ўсиши кузатилди. Шунингдек, узоқ муддатли инфляцион кутилмалар 2018 йилнинг II чорагида нисбатан юқори, лекин барқарор бўлган бўлса, июль ойидан бошлаб уларда ҳам ўсиш динамикаси кузатила бошланди. Шунингдек, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича кутилмаларнинг август ойида сезиларли ошиши кузатилди. Бунда, февраль ойидан бошлаб кутилмалар босқичма-босқич пасайиб , йил охиригача алмашув курсининг барқарор бўлиши кутилаётган эди. Август ойида эса девальвацион кутилмалар орди. Ушбу ҳолат, келгусида инфляцион кутилмаларнинг қўшимча равишда ошишига олиб келиши мумкин”, - деб прогноз қилинади хабарда.
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олган ҳолда 2018 йил учун инфляциянинг дастлабки прогноз кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, йиллик инфляция прогнози 16-17%гача оширилди, деб хулоса қилинади хабарда.
Сурат манбаи: из http://forbes.net.ua