Ўзбекистон банк тизими капитали етарлик даражаси банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган талабдан 3 баробар кўп

Дата: 15:29, 22-04-2014.

Тошкент. 22 апрель. ЎзТАГ – Бугунги кунда Ўзбекистон банк тизими капиталининг етарлик даражаси 24,3 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган 8 фоизлик талабдан 3 баробар кўпдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Марказий банк маълумотларига кўра, 2014 йилнинг биринчи чораги охирига келиб Ўзбекистон банкларининг ялпи капитали 6,5 трлн сўмга ($2,86 млрд) етди ва 2013 йилнинг шу даврига солиштирганда 25% ўсди. Банкларнинг ялпи активлари 29% ўсди ва 44,1 трлн сўмни ($19,37 млрд) ташкил этди.
Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 65 фоиздан юқори бўлиб, бу жаҳон амалиётида «юқори» деб умумий тарзда қабул қилинган кўрсаткичдан 2 баробардан ҳам ортиқдир.
Хусусан, 2014 йил биринчи чорагида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 31,2 фоиз кўпайиб, бугунги кунда уларнинг миқдори 26,8 трлн. сўмдан ($11,77 млрд) ортди.
2014 йилнинг биринчи чорагига келиб депозитлар ҳажми 30,5 фоиз ўсиб, 1 апрелга келиб унинг миқдори 26,2 трлн. сўмдан ($11,51 млрд) ошди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: