Ўзбекистон банк тизимининг капитали 23,3% ўсди

Дата: 18:57, 15-05-2017.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Шу йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистон тижорат банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг муқобил даврига нисбатан 23,3% кўпайиб, 9,9 трлн сўмдан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Марказий банкнинг ҳисобот мажлисида келтирилди. Ўзбекистон Марказий банкининг маълумотларига кўра, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси белгиланган халқаро меъёрлардан қарийб 3 баробар кўп, ликвидлилиги эса, талаб этиладиган энг кам даражадан 2 баробардан ҳам зиёдни ташкил қилди.

“Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги етти йилдан буён Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболларига “барқарор” рейтинг баҳосини тақдим этиб келмоқда. “Standard & Poor’s” ва “Fitch Ratings” рейтинг агентликлари ҳам мамлакатимиз банк тизими фаолиятини ижобий баҳолаб келмоқда.

Банк активлари жорий йилнинг 1 апрелига келиб 90,1 трлн сўмни ташкил этди (+29,2%). Ҳисобот санасига келиб иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари қолдиғи 57,3 трлн сўмдан ошиб кетди (+29,9%). Банкларнинг инвестиция кредитлари ҳажми ҳам 1,2 баробар ошиб, 3,2 трлн сўмни ташкил қилди.

Тадбиркорлик фаолиятига ажратилган кредитлар ҳажми 4,6 трлн сўмни ташкил этди. Унинг 1 трлн сўмини микрокредитлар ташкил этади, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар зиёддир. Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар ҳажми 514,1 млрд сўмдан ошиқроқни (+25,5%)  ташкил этди.

Ўз навбатида, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга 79,8 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу эса 1,3 баробар ўсишни билдиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: