Ўзбекистон банк тизимининг капитали деярли чоракка ошди

Дата: 17:07, 04-04-2016.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистон банк тизимининг ялпи капитали 23,3% ўсиб, 7,8 трлн сўмга етди. Кейинги 5 йилда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Марказий банкнинг Олий Мажлис Сенатининг 1 апрелдаги бешинчи ялпи йиғилишида кўриб чиқилган ҳисоботида очиқланди.

Сенат матбуот хизматидан маълум қилишларича, мамлакат банк тизими капиталининг етарлилик даражаси қарийб 24 фоизни ташкил этди, бу эса Базель қўмитаси томонидан белгиланган умумэътироф этилган халқаро стандартларнинг энг кам даражасидан 3 баравар ортиқдир, банк тизимининг ликвидлиги энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди.
2016 йилнинг 1 январи ҳолатига банкларнинг жами активлари 25,1%га кўпайди ва 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 65,2 трлн сўмни ташкил этди.

Пул-кредит сиёсати 2015 йилда истеъмол нархлари индекси бўйича мўлжалланган инфляция даражасини таъминлашга кўмаклашди. 2014 йилга нисбатан инфляция даражаси (6,1%) 0,5%га пасайди ва 5,6%ни ташкил этди.

Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 27,3%га ошди. Ички маблағлар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфелининг умумий суммасида 86,7 трлнни ташкил этди, шундан 79,8% инвестиция мақсадларига ажратилган узоқ муддатли кредитлардир. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: