Ўзбекистон банклари қимматли қоғозларга доир операциялар юзасидан мижозларга ҳисобот беради
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон банклари қимматли қоғозларга доир операциялар юзасидан мижозларга ҳисобот беради. Ушбу талаб Марказий банк Бошқаруви ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг қўшма қарорида акс эттирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Марказий банкдан маълум қилишларича, хужжат Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 22 сентябрдаги 1782-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Қарор билан “Банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларини бошқарувчи ва инвестиция консультанти сифатида касбий фаолиятни амалга оширишига оид талаблар тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Ҳужжатга банк томонидан қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида касбий фаолиятни амалга оширишда банк ҳар бир мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши, тузилган битимлар ва амалга оширилган операциялар тўғрисида унга ҳисобот бериши шартлиги белгилаб қўйилди.
Ҳужжатдан қимматли қоғозлар билан амалга оширилаётган шартномаларни тузишда бир томон бўлиб қатнашаётган банк мазкур шартномани рўйхатга олишни таъқиқловчи меъёр чиқариб ташланди.


