Ўзбекистон Берлиндаги “Яшил ҳафталик”да миллий стенд билан тақдим этилди

Дата: 18:46, 20-01-2017.

Тошкент. 20 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Берлиндаги (Германия) “Яшил ҳафта” Халқаро кўргазмасида миллий стенд билан тақдим этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Яшил ҳафталик-2017” Халқаро қишлоқ хўжалик кўргазмаси (Internationale Grüne Woche Berlin) 2017 йилнинг 20-29 январ кунлари ўтказилиб, унда кенг турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари намойиш этилади.

Унда анъанавий равишда озиқ-овқат, ўрмон ва ёғочни қайта ишлаш саноати, ландшафт хўжалиги ва боғдорчилик маҳсулотлари намойиш этилади, истиқболли йўналишлар муҳокама қилинади.

Ўзбекистоннинг 196 кв метрлик миллий стендида “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” ва “Ўзагроэкспорт” холдинг компанияи таркибига кирувчи “Агромир Групп” МЧЖ ҚК, “Natural Juice” МЧЖ АФ, “Marwin Brands” МЧЖ, “Master Global Plus” МЧЖ, “Sunny Fruits Production” МЧЖ, “Berad Agro” МЧЖ, “Gold Dried Fruits” МЧЖ, “Интерсок” МЧЖ ҚК каби корхоналар маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Улар томонидан ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, консерваланган маҳсулотлар, сок ва нектарлар, қуритилган зиравор ва сабзавотлар, қуруқмевалар ҳамда бошқа ширинликлар тақдим этилган.

Эслатиб ўтамизки, “Яшил ҳафталик” Халқаро кўргазмаси озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги улкан тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу сафарги кўргазмада дунёнинг 65 мамлакатидан 1550дан ортиқ компаниялари ва фермер хўжаликлари иштирок этиши, 380 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: