Ўзбекистон бизнес-авиацияни ривожлантириш билан жиддий шуғулланмоқчи

Дата: 16:02, 23-01-2018.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон бизнес-авиацияни ривожлантириш билан жиддий шуғулланмоқчи, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) матбуот хизмати маълумотига кўра, шу мақсадда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида МАК мутахассислари ҳамда Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компанияларининг вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди. Дастур давомида Bombardier самолётининг Тошкент узра парвози намойиш этилди.

Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компаниялари вакиллари билан ташкил этилган учрашув Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси томонидан янги имкониятларни очадиган ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратадиган бизнес-авиацияни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалдаги тасдиғи бўлди. “Лойиҳа юртимиздаги ва хорижий тадбиркорларга маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқиш ва янги бизнес ҳамкорларни топиш масалаларини тезроқ ҳал қилиш имконини беради”, - деб таъкидланади хабарда.

“Юртингизга илк бора келишимиз ва Uzbekistan Airways бизни таклиф этганидан беҳад мамнунмиз. Ўйлайманки, бизнес-авиацияни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик алоқаларимиз яқин истиқболда ўзининг ижобий натижаларини беради. Фаолиятимиз асосан, самолётлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлса-да, бизнес-авиацияси бозорининг бошқа – ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, экипаж аъзоларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалаш, шунигдек самолётни сотиш ёки ижарага бериш жараёнида юзага келадиган лизинг, суғурталаш, молиялаштириш , тахминий нархни олдиндан белгилаш каби турларини ҳам муваффақиятли ўзлаштиришга эришганмиз”, - дея таъкидлади Bombardier Business Aircraft компаниясининг Шарқий Европа, Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий вице-президенти Валерия Колючая.

 Ишбилармон доирадаги учрашув давомида Bombardier самолётининг тақдимоти ўтказилди. Учрашув иштирокчилари унинг техник характеристикалари ва авиацион имкониятлари билан танишдилар.

“Музокаралар натижасида МАК ва бизнез-ҳамкорларнинг ўзаро ҳаракатлари режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида келишиб олинди. Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компанияларида ташриф буюрган хорижий ҳамкасблар билан музокаралар Миллий авиакомпаниянинг тижорат фаолиятини янада такомиллаштириш учун янги туртки бўлди”, - деб хулоса қилинди хабарда.

Сурат манбаи: http://www.desdescl.com/2014/03/bombardier-califica-al-dash-8-q-400.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: