Ўзбекистон “Бизнес юритиш 2019” рейтингида 190 мамлакат орасида 76-ўринни эгаллади
Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан 31 октябр куни эълон қилинган “Бизнес юритиш 2019: Тренинг ва ислоҳотлар” рейтингида дунёнинг 190 иқтисодиётлари орасида 76-ўринни эгаллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон 2017-2018 йилларда бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида учта ислоҳотни амалга оширди. Бу ҳақида ЖБнинг Тошкентдаги идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
2017-2018 йилларда Ўзбекистон ислоҳотларни амалга оширишда давом этди, “Бизнес юритиш”да баҳоланган ўн соҳадан учтаси: жумладан, халқаро савдо, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш ва солиққа тортишда яхшиланишга эришди.
Ўзбекистон миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш соҳасида акциялари биржада савдо қилинувчи компанияларнинг мулкчилик масалалари ва назорат таркиблари масалаларига қонунчилик жиҳатидан аниқлик киритди.
Ўзбекистон корхоналарни тавсифлашнинг янги меъёрларини жорий этган ҳолда солиқларни пасайтирди. Янги тизим кичик корхоналарга ҳар бир ходим учун белгиланган ставкада, лекин ўрнатилган энг кам иш ҳақи миқдорининг 65% кам бўлмаган ҳажмда ижтимоий тўловни тўлашга имкон беради.
Мамлакат халқаро савдони тезлаштирувчи чораларни ишлаб чиқди. Булар орасида
экспорт ва импорт операцияларини “бир ойна” принципида амалга ошириш учун вебсайтнинг миллий версиясини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу сайт турли рухсат берувчи ҳужжатлар, шу жумладан, товарнинг келиб чиқиш сертификати ва фитосанитар сертификатларни олиш учун электрон ариза юбориш ва тўлов амалга ошириш имконини беради. Янги механизмларнинг жорий этилиши билан экспорт ҳужжатларини расмийлаштиришга кетадиган умумий вақт 174 соатдан 96 соатгача қисқарди.
“Бизнес юритиш 2019” рейтингининг етакчи учталигига иккинчи йил қаторасига Янги Зеландия, Сингапур ва Дания кирди. Булардан кейин Гонконг МАҲ (Хитой), Корея Республикаси, Грузия, Норвегия, АҚШ, Буюк Британия ва Македония беришмоқда.
Сурат манбаи: https://www.vestifinance.ru


