Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди

Дата: 13:08, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳартомонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир”, - деди Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилди. Сентябр ойининг бошида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди. Томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёр эканини намоён этгани туфайли ўтган йигирма олти йил давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича катта натижага эришилди. Бир сўз билан айтганда, ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилди”, - деди давлат раҳбари.

Мирзиёевнинг фикрига кўра, бу тенденциянинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё давлатлари Президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши учун имконият яратган бўлур эди.

“Биз ноябр ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилишни режалаштирганмиз. Ушбу анжуман якунида биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини киритишни мўлжаллаганмиз”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: