Ўзбекистон БМТ ва Жаҳон банкининг 2030 йилгача йўловчи газларни ёқиб юбориш амалиётини тўхтатиш ташаббусига қўшилди

Дата: 21:47, 20-04-2015.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – Яқинда Ўзбекистон БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва Жаҳон банкининг раҳбари Жим Ен Ким томонидан ўртага ташланган “2030 йилгача йўловчи газларни машъала тарзида ёқиб юбориш амалиётини тугатиш” ташаббусига қўшилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЖБ хабарига асосланган ҳолда.

ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан хабар қилишларича, ташаббус дунёдаги йўловчи газларнинг 40% ошиғини ёқувчи мамлакат ва компаниялар томонидан қўллаб-қувватланган.

Қатор йирик нефть компаниялари ва ушбу маҳсулотни қазиб олиш билан шуғулланувчи мамлакатларнинг юқори мартабали амалдорлари учрашувлар ўтказиб, 2030 йилдан кеч бўлмаган муддатда нефть конларида йўловчи газларни машъала тарзида ёқиш амалиётини тўхтатишга келишиб олдилар.

Ўзбекистондан ташқари ташаббусни Қозоғистон, Россия, Норвегия, Франция, Камерун, Габон, Конго ва Ангола, 10 нефть компаниялари ва тараққиёт соҳасида ишлови 6 муассаса қўллаб-қувватлади.

Хабарда айтилишича, дунёдаги минглаб нефть конларида ҳар йили нефть билан бирга қазиб олинадиган 140 млрд кубометр газ бекордан-бекорга ёқиб юборилади. Натижада атмосферага 300 млн тонна карбонат ангидрит гази (CO2) чиқиб кетади. Бу эса 77 млн автомобилларнинг ҳаво чиқиндиларига тенг. Агар ушбу газдан электроэнергия олиш учун фойдаланилганида 750 млрд кВтс электр қуввати ишлаб чиқарилган бўлар эди. Аммо бугунда ушбу газ қатор техник, меъёрий ва иқтисодий характердаги сабабларга кўра ёқиб юборилмоқда.

Нефть компаниялари ва нефть қазиб олувчи мамлакатлар ҳукуматлари ҳозирча ташаббусни қўллаб-қувватламаганлари ушбу масалани ҳар тарафлама ўрганиб чиқмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги яқин ойларда унга қўшилиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: