Ўзбекистон Бош прокуратураси Ҳалқ таълими вазирлигида коррупция мавзусида учрашув ўтказди

Дата: 17:11, 19-04-2016.

Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқ таълими вазирлигида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” тарғибот тадбирлари дастури доирасида учрашув ўткади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир халқ таълими соҳасидаги суиистеъмолчилик ҳолатлари ва коррупциянинг олдини олиш масаласига бағишланди.

Видеоконференцалоқа имкониятларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилган ушбу учрашувда Халқ таълими вазири, ўринбосарлари, вазирликнинг таркибий тармоқлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, олий ўқув юртлари ректорлари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари мудирлари иштирок этди.

“Тадбирда Бош прокуратура масъул ходимининг халқ таълими соҳасида қонунийлик ҳолати, соҳада коррупциянинг олдини олиш борасида 2015 йилда амалга оширилган чора-тадбирларнинг мониторинги таҳлили натижалари ҳақидаги маърузаси эшитилди ҳамда ушбу йўналишдаги тадбирларнинг сифатини янада ошириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишга бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: