Ўзбекистон Бош прокуратураси алдов йўли билан $750 минг ва 20 млн сўм олган шахслар гуруҳини қўлга олди

Дата: 14:57, 26-04-2018.

Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратураси алдов йўли билан $750 минг ва 20 млн сўм олган шахсларни қўлга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Муассасанинг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан бир қатор жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, мазкур жиноят ишлари бўйича гувоҳ ва жабрланувчилар ҳам таклиф қилинмоқда”, номли махсус марожаатномасида ана шундай дейилади.

“Шу билан бирга, минг афсуски, мазкур жиноят ишлари юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида айрим шахслар жиноят ишига алоқадор шахсларнинг қариндошлари ишончига кириб, жиноят ишини ижобий ҳал қилиш учун пора бериш лозимлиги ҳақида ёлғон маълумотларни етказиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг пул маблағлари ёки моддий қимматликларини қўлга киритиб олиш ҳолатлари учрамоқда”, - деб таъкидланади Бош прокуратура хабарида.

Жумладан, 2018 йил 22 апрель куни Бош прокуратура томонидан фуқаро А.Саркисян ушланган бўлиб, у айбланувчи Я.М.ни жавобгарликка тортмаслик эвазига гўёки мансабдор шахсларга пора бериш лозимлигини айтиб, айбланувчи Я.М.га тегишли бўлган $200 мингни юқорида кўрсатилган йўл билан эгаллаб олган.

Шунингдек, фуқаролар С.Александров ва Е.Фазиловлар ҳам ушланган бўлиб, улар “Hi-tech bank” ХАТБ мансабдор шахслари Л.З. ва У.И.га текширув давомида аниқланган зарар миқдорини камайтириш ҳамда қамоқ эҳтиёт чорасини қўлламаслик учун улардан фирибгарлик йўли билан $500 минг олганлар.

2016-2017 йилларда Ф.Андреев, Р.Рафиков, Д.Машковскийлар учта жиноят иши юзасидан айбланувчиларнинг қариндошлари ишончига кириб, уларга айбланувчиларни жиноий жавобгарликдан озод қилишни ваъда бериб, уларни чалғитиб, бунинг учун гўёки мансабдор шахсларга 150 минг АҚШ доллари миқдорида пора бериш лозимлигини айтиб, фирибгарлик йўли билан жами $50 минг ва 20 млн. сўм миқдоридаги пулларни эгаллаб олганлар.

“Ҳурматли фуқаролар, жиноят ишига алоқадор шахсларнинг қариндошлари ва яқинлари, юқорида келтирилган салбий ҳолатларни инобатга олиб, Бош прокуратура Сизларни ҳушёр бўлишга, ёлғон ваъдаларга ишонмасликка, бу каби шахсларнинг тўрига тушмасликка чақириб, шундай ҳолатларга дуч келган тақдирингизда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига хабар беришингизни сўрайди”, - деб огоҳлантиради муассаса.

Шу ўринда тушунтириб ўтиладики, пора бериш, яъни давлат органи мансабдор шахсига содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиб, уларга 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо тайинланиши ҳамда моддий қимматлик тарзида берилган пора давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилиши ҳам хабар қилинган.

“Тергов сирини ошкор қилмаслик мақсадида шахсларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган”, - деб хулоса қилинади хабарда.

$1= 8068,17 сўм

Сурат манбаи: http://www.prokuratura.uz/ru/

Янгилик билан ўртоқлашиш: