Ўзбекистон Бош прокуратураси деярли 72 мингдан кўп мурожаатларни кўриб чиқди
Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – 2018 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларнинг 72292 мурожаатларини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда.
“2018 йилнинг 1-чорагида прокуратура органларига келиб тушган мурожаатлардан 72292 таси ҳал этилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Прокуратура органлари ходимлари томонидан 65855 нафар, шундан, бевосита Бош прокуратура раҳбарияти томонидан 634 нафар фуқаролар қабул қилинди”, - дея қайд этилади муассаса хабарида.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ташкил этилган сайёр қабуллар давомида Бош прокурор томонидан 291 нафар фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг узоқ вақтдан буён ечимини топмай келаётган турли муаммолари ҳал этилиши таъминланди.
Бундан ташқари, сайёр қабуллар натижасида 24 нафар шахслар иш билан таъминланди, фаолиятни ташкил этиш ёки янада ривожлантириш ва шу асосда қўшимча иш ўрни яратиш учун 38,2 гектар ер майдони, 2,8 млрд. сўм кредит маблағи ва зарур техника воситалари ажратилди.
Шунингдек, 2 нафар шахс уй билан, 8 нафар шахс ногиронлик аравачаси билан таъминланди, 5 нафар фуқарога уй-жой ажратилиши учун ҳужжатлар расмийлаштирилди, қарздорлардан 281 млн. сўм ундирилди, 4 та маҳалла фуқаролар йиғинида электр трансформаторлар ўрнатилиб, 2300 метр электр линияси ва 255 метр сув тармоғи тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 3 та жиноят иши қўзғатилди.
Сурат манбаи: https://kun.uz/news/2017/05/01/halk-manfaatlariga-hizmat-kilis-prokuratura-organlarining-bos-vazifasi-etib-belgilandi