Ўзбекистон Бош прокуратураси қошида Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил қилинади
Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратураси қошида Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Унга ноюридик мутахассисликдаги (иқтисодчилар, молиячилар, социологлар ва бошқалар) зарур билим ва тажрибага эга юқори малакали кадрларни ишга қабул қилинади. Бошқарма ходимлари лавозим маошининг 50% миқдорида қўшимча устама ҳақ оладилар.
Буларнинг бари 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.
Хужжатда қонунбузилишлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакл ва услублари танқид остига олинган бўлиб, улар “энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди”.
“Давлат органлари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаяпти”, - деб таъкидланади ҳужжатда.
Бундан ташқари, хужжатга мувофиқ, 2017-2018 йилларда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича дастур тасдиқланди.