Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан сув хўжалиги соҳасида талон-тарожликлар аниқланди
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан сув ресурслари вазирлиги тизими фаолиятини текшириш давомида 4,2 млрд сўмлик талон-тарож қилиш фактлари аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бош прокуратурадан хабар қилишларича, “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмаси, “Давсувмахсуспудрат” ва бошқа сув хўжалиги корхоналарида далолатномаларга сохта ёзувлар киритилгани аниқланди.
“Натижада 4 млрд 270 млн 204 минг сўмлик мол-мулк ва маблағлар талон-торож қилиниб, 71 млн сўмлик иш ҳақи ноқонуний тўланганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат комплексини назорат қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инспекцияси томонидан ўтказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, тизимли назорат Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва сув хўжалиги қурилишига оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган.
Сурат манбаи: https://fergana.agency