Ўзбекистон Бош прокуратурасига иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш топширилди
Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратурасига иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралда қабул қилинган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳудудларда шаклланган иш ҳақини нақд шаклда ҳамда пластик карталарга ўтказиш йўли билан тўлашдаги нисбатлар танқидий қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда одамлар ўз иш ҳақидан фойдаланишда муаммоларга дуч келмаслиги ва ўзларига керакли товар ва хизматларни эркин харид қилишлари учун мавжуд тўлов терминаллари инфратузилмаси ҳисобга олинади.
Мазкур қарор мамлакатимиз ҳудудларида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлашдаги мавжуд аҳволни танқидий таҳлил қилиш натижасида қабул қилинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлили иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, тўловларни пластик карточкаларга нақдсиз шаклда асоссиз равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайгани ҳамда тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмаганини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ ЎзТАГ февралдан бошлаб пенсиялар, стипендиялар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари нақд пулда тўлаб берилиши ҳақида хабар қилган эди.


