Ўзбекистон Бош прокурори ва Қозоғистон элчиси жиноятчилик билан кураш, ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни таъминлашни муҳокама қилдилар
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов ва Қозоғистонинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерик Утембаев жиноятчилик билан кураш, ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни таъминлашни муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Учрашув Ўзбекистон Бош прокуратурасида бўлиб ўтди.
“Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамият ва давлатнинг барча соҳаларини ислоҳ ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар билан таништирилди. Хусусан, Давлат раҳбари томонидан аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳуқуқий давлат қуриш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган қарорлар мажмуи алоҳида таъкидлаб ўтилди”, - дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, давлат органлари, шу жумладан, прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини ошириш хусусида фикр алмашилди.
Элчи Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни катта эътибор билан кузатаётгани ва уларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Ҳукуматнинг фаол иш олиб бораётгани, шунингдек инсон ҳуқуқларини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда коррупцияга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларни алоҳида қайд этди.
“Томонлар икки давлат ваколатли органлари ўртасида ҳуқуқий соҳада шаклланган муносабатларнинг юқори даражада эканлигини эътироф этиб, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича умумий вазифаларни ҳал этиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг келгусидаги истиқболларини муҳокама қилдилар. Учрашув иштирокчилари бўлиб ўтган мулоқотдан қониқиш ҳосил қилганликларини, бу эса ҳуқуқий соҳада ўзаро алоқаларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишида янги туртки бўлганлигини билдирдилар”, - дейилади хабарда.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтди.
Сурат манбаи: http://kazakh-tv.kz/kz/view/news_kazakhstan/page_190911_kazakstan-men-ozbekstan-bilim-salasyndahy-yntymaktas