Ўзбекистон бош вазири ва ташқи ишлар вазирлиги раҳбари РФнинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, Кемероводаги ёнғин муносабати билан таъзия билдирдилар
Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – 2018-йилнинг 28-март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россия Федерациясининг Тошкент шаҳридаги Элчихонасига ташриф буюрдилар, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муасасасининг матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Ҳукумати номидан Элчи Владимир Тюрденевга Россиянинг Кемерово шаҳридаги кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган ёнғин муносабати билан самимий таъзия билдирилди ва Ҳамдардлик китобига қайд киритилди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, 25 мартда Кемероводаги “Зимняя вишня” савдо марказида (СМ) ёнғин келиб чиқди. Ўт кинозаллар жойлашган иккинчи қаватда бошланган бўлиб, якшанба куни бу ерда одам кўп бўлган. Илк текширувлардан кейин СМда бир ҳафтадан буён автоматик ёнғин сигнализацияси ишламаётгани, огоҳлантириш тизимини эса СМ қоровули ўчириб қўйгани аниқланди.
Россия ФВВ вазири ўринбосари Владлен Аксеновнинг маълумотига кўра, бедарак кетганлар ҳақида маълумотлар йўқ, қурбонлар сони 64 киши.
Сурат манбаи: http://today.md/ro/news/social/6190


