Ўзбекистон божхоначилари қиймати 68 млрд сўмлик контрабанданинг олдини олдилар

Дата: 15:16, 09-02-2017.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Ўтган йилда Ўзбекистон божхона органлари контрабанда билан боғлиқ 19 мингдан зиёд фактларнинг олдини олдилар, улар бўйича қиймати 68 млрд сўмлик товарлар олиб қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Аниқланган ҳолатларнинг 581 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди. Бу қонунбузарликларнинг олдини олишда чегараолди божхона постларининг 13 та катта ҳажмдаги юкларни комплекс назорат қилишга мўлжалланган сканер қурилмалари, радиация назоратини амалга оширувчи 11 та радиацион портал мониторлари ўрнатилгани катта рол ўйнади”, - деб таъкидлашди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматида.

Масалан, улар ёрдамида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Довут ота” чегара божхона пости орқали кириб келаётган юк автомашинаси сканер қурилмаси ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганда, йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган қиймати 331 млн сўмдан ортиқ бўлган 79 турдаги автоулов эҳтиёт кисмлари яширинча олиб кирилаётганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, ўтган йилда божхона органлари томонидан ноқонуний ишлаб чиқарилган, давлат стандартларига жавоб бермайдиган, истеъмолга яроқсиз бўлган умумий қиймати 4,1 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: