Ўзбекистон божхоначилари озон қатламини ҳимоя қилиш учун ЕЦА мукофоти билан мукофотланди

Дата: 17:11, 27-06-2016.

Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон божхоначилари озон қатламини ҳимоя қилиш учун ЕЦА мукофоти билан мукофотланди. Бу ҳақида Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси сайтида хабар қилинмоқда.   

 “Ашхабодда Европа ва Марказий Осиё озон тармоғининг йиллик минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Унинг доирасида божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун ЕЦА мукофотини топшириш бўйича IV тантанали маросим бўлиб ўтди”, - дейилади Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати хабарида. Учрашув доирасида божхона минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинган.

“Ўзбекистон, Украина, Туркия, Туркманистон, Сербия, Хорватия, Руминия, Россия, Қирғизистон, Хитой, Испания, Грузия, Европа иттифоқи, Босния ва Герцеговина божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари озон қатламини ҳимоя қилганлик учун нуфузли медал ва ёрлиқларга сазовор бўлдилар”, - дейилади хабарда.

2016 йилда 13 мамлакатлар мукофотлар олишди. Хусусан, Ўзбекистонга 32 номинация ичидан 16 медал берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига илк маротаба ЮНЕП минтақавий озон тармоғи мукофотининг берилиши муҳим ҳодисалардан бўлди. Шу мукофот билан 2012 йилги фаолияти учун Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тақдирланган эди.

 Ozon Action Programme маълумотларига кўра, 2014 йилнинг майидан 2016 йил апрелгача мукофот лауреатлари 68 метрик тонна озонни бузувчи кимёвий восита ва аралашмаларга эга бўлган 10156 баллон/контейнерларни 32 ҳолда муваффақиятли мусодара қилиниши ҳақида хабар қилганлар.

Эслатиб ўтамизки, Оzon Action Programme UNEP DTIE томонидан ташкил этилган махсус мукофот 2010 йилдан бери топширилади. Мукофот божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига озон қатламини бузувчи моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олишга йўналтирилган ҳаракатлари учун озон қатламини сақлашга қаратилган глобал ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: