Ўзбекистон бозорининг очилиши ЖҚВ иссиқхона хўжаликларининг даромадлари 50% пасайишида акс этди

Дата: 13:25, 16-04-2018.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон бозорининг очилиши Жанубий Қозоғистон вилояти (ЖҚВ) иссиқхона хўжаликларининг даромадлари 50% пасайишида акс этди, дея хабар беради КазТАГ AstanaTV.kzга таянган ҳолда.

“Чимкентнинг марказий бозорида мева ва сабзавотларнинг фаол савдоси мавсуми бошланди. Сотувчиларнинг сўзларига кўра, бозорда маҳаллий маҳсулотлар оз. Харидорларда ўзбек маҳсулотларига талаб катта. Нарх-наво сиёсатини қайта кўриб чиқиш айрим корхоналарнинг даромадига таъсир кўрсатди. Даромадлар 50%га камайди”, дейилади душанба кунги хабарда.

Тушунтирилишича, чегара очилиши билан Ўзбекистон Жанубий Қозоғистонга мева ва сабзавот маҳсулотлари экспортини оширишни бошлаган. Жумладан, вилоят давлат даромадлари бўлими маълумотига кўра, ўтган йили қўшни республикадан ЖҚВга $310 млнлик 460 минг тонна мева ва сабзавот олиб кирилган. Бу 2016 йил кўрсаткичларидан $19 млнга кўп.

“Йилдан йилга биз ишлаш, маҳсулот сотиш қийинлашаётгани ҳис қилмоқдамиз. Айниқса, бу биз қўшниларимиз - Ўзбекистон билан чегара очилишидан кейин билинди Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалари ривожининг янги босқичи билан иссиқхона хўжаликлари ўз ишларида қийинчиликларга дуч келдилар. Тадбиркорларнинг ўзбекистонлик етказиб берувчилар билан рақобатлашиши қийинлашмоқда”, - деб таъкидлади KazAgronom компанияси бош директори Мурат Гелашвили.

Таъкидланишича, ўзбек сабзавотлари импортининг ошиши баробарида Қозоғистон иссиқхоналари ўз маҳсулотларининг улгуржи нархларини пасайтиришга мажбур бўлишмоқда. Агар ўтган йили бодрингнинг бир кгми 400 тангадан сотилган бўлса, ҳозир унинг нархи 200 тангага, яъни 2 бараварга тушиб кетди.

М.Гелашвилининг сўзларига кўра, бугунги кунда Жанубий Қозоғистоннинг деярли барча иссиқхоналари давлат томонидан қўллаб-қувватланишга муҳтож. Улар ҳукуматдан ўзбек товарларини олиб киришни чеклаш ёки корхоналарни субсидиялашни сақлаб қолишни сўрашмоқда.

Сурат манбаи: https://babki.kz/business-ideas/teplicy.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: