Ўзбекистон бундан кейин ҳам Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиради

Дата: 14:45, 13-12-2017.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон бундан кейин ҳам Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Ўзбек делегациясининг раҳбари Исматилла Иргашев Осло шаҳрида Афғонистон бўйича Халқаро мулоқот гуруҳининг (ХМГ) навбатдаги мажлисидаги чиқишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ва 10-ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган дастурий нутқларининг асосий қисмларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш, жумладан икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа йўналишдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ёрдам бериш учун саъй-ҳаракатини бундан кейин ҳам давом эттиради”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича мавқе ҳамда 2017-йил 4-6-декабр кунлари бўлиб ўтган Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга расмий ташрифи натижалари тўғрисида йиғилиш иштирокчиларини хабардор қилди.

Бундан ташқари, Норвегия пойтахтида бўлиб ўтган йиғилишда 50 яқин давлат ва халқаро ташкилот вакиллари Афғонистондаги можароларни ҳал қилишнинг ҳолати ва истиқболлари, мустаҳкам ва узоқ муддатда тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Сурат манбаи: https://eadaily.com/ru/news/2017/01/13/uzbekistan-zainteresovan-v-usilenii-vliyaniya-na-afganistan-ekspert

Янгилик билан ўртоқлашиш: