Ўзбекистон чегарачилари 1,9 млрд сўмлик контрабандани қўлга туширдилар
Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон чегарачилари жорий йилнинг сентябр ойида 126 давлат чегарасини бузувчилар ва 1,9 млрд сўмлик турли контрабанда товарларини қўлга туширдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МХХ хабарига асосланган ҳолда.
“Қонунбузарларнинг асосий қисми Қирғизистон билан (62 киши) ва Қозоғистон билан (54) чегарада тўхтатилди. Қолганлари Тожикистон (8) ва Афғонистон (2) билан чегарага тўғри келди. Туркманистон билан чегарада бузилиш қайд этилмаган”, - дейилади куч тизими хабарида.
Бундан ташқари, чегарачилар қиймати 1,91 млрд сўмликдан зиёд товар моддий бойликлар, асосан, дори воситалари, маиший техника ва рангли металлларни чегарадан олиб ўтишнинг олдини олдилар. Ушланганлар ва товарларнинг асосий қисми Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарага тўғри келмоқда.
Ноқонуний олиб кирилган дори-дармонларнинг энг йирик партияси 9 сентябр куни Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Адир қишлоғи яқинида Қирғизистон билан чегарада тўхтатилди. Қўлга олинган товарларнинг умумий қиймати 855 млн сўмга баҳоланди. Шу куннинг ўзида Янгиқўрғон тумани Намуна қишлоғида Қирғизистон ҳудудидан 157 млн сўмлик дори-дармонларни ноқонуний олиб киришга йўл қўйилмади.
24 сентябрда Навоий вилоятига қарашли Қозоғистон билан чегарадош Киргитов аҳоли пунктида “Камаз” автомашинаси тўхтатилди. Унинг ҳайдовчиси қиймати 80 млн сўмликдан зиёдлик рангли металлларни Қозоғистонга ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилди.
Қўлга олинган барча товар-моддий бойликлар давлат даромадига ўтказилди, ушланган шахсларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чоралар кўрилди.