Ўзбекистон чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланади

Дата: 14:39, 05-02-2018.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Германия, Бельгия, Япония, Голландия, Швеция каби мамлакатларда 60-65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланади, 20-25 фоизидан энергия олинади, қолган қисми ёқилади. Яъни чиқиндини полигонларда кўмишга ҳам эҳтиёж йўқ”, - деди Шавкат Мирзиёев экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда.

Бунинг натижасида, деб давом этди у, ер ресурслари тежалади, иқтисодий самарага эришилади ва атроф-муҳитга салбий таъсир камаяди.

“Шундан келиб чиқиб, жорий йилда мамлакатимизнинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Бу борада Сурхондарёда ташкил этилган кластер фаолияти намуна қилиб кўрсатилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сурат манбаи: https://kultura.uz/view_2_r_9157.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: