Ўзбекистон давлат бюджети маҳаллий экспортчилар учун транспорт харажатларининг 50 фоизини қамраб олади

Дата: 14:28, 13-08-2019.

Тошкент. 13 август. ЎзТАГ - Ўзбекистон давлат бюджети маҳаллий экспортчилар учун транспорт харажатларининг 50 фоизини қамраб олади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди (№660, 10.08.2019 й.). Низомга мувофиқ, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга давлат бюджети ҳисобидан темир йўл транспортида ташиш маҳсулотларини экспорт қилишда харажатларнинг 50 фоизига қадар қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши тартиби белгиланди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, экспортни рағбатлантириш агентлиги манфаатдор субъектларга компенсация бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.

"Бундан ташқари, манфаатдор субъектлар 2019 йил 1 майдан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмига компенсация олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга", - дейилади хабарда.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда ваколатли орган 7 иш куни ичида аризаларни кўриб чиқади.

Молия вазирлиги орган буюртмасига асосан 3 иш кунида давлат бюджетидан субсидия маблағларини ваколатли органга, ваколатли орган эса ушбу маблағни 3 иш куни мобайнида манфаатдор субъектнинг банк ҳисоб рақамига ўтказади.

"Компенсация берилган манфаатдор субъектларнинг реестри юритиб борилади", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: