Ўзбекистон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиради

Дата: 17:31, 10-06-2016.

Тошкент. 10 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда давлат электрон хизматларини кўрсатишда такрорланувчи тартиблар қисқартирилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг июнда қабул қилинган қарорида кўзда тутилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, Вазирлар Маҳкамасининг "Электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш жараёнида ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш, аҳоли ва бизнес вакилларидан талаб қилинадиган ҳужжат ва сўровларни қисқартириш, хизмат кўрсатиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек давлат органлари ҳужжатларини ягона шаклга келтириш каби вазифалар белгиланган.

Электрон давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш тартиби бир неча босқичдан иборат бўлади. Аввалига аҳоли ва бизнес вакилларига кўрсатиладиган, талаб юқори бўлган хизматлар таҳлиллар асосида аниқлаб олиниб, самарали хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тўсиқлар ўрганилади.

“Шундан сўнг электрон хизматларни кўрсатишнинг энг мақбул усули ишлаб чиқилиб, сўнг қонунчилик доирасида жамоатчилик ва экспертлар фикр-мулоҳазаси асосида такомиллаштирилади”, - деб хабар қилади Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг қошидаги "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази, БМТнинг Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки, халқаро экспертлар билан биргаликда бир қанча давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш юзасидан ҳамкорлик олиб бормоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: