Ўзбекистон Давлат рақобатни ривожлантириш қўмитаси мамлакат бозорларда шакар нархларини барқарорлаштириш учун чоралар кўрмоқда

Дата: 22:05, 23-04-2015.

Тошкент. 23 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакат бозорларда шакар нархларини барқарорлаштириш учун чоралар кўрмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Куни-кеча қўмитада мамлакатдаги етакчи шакар ишлаб чиқарувчилар - “Хоразм шакар” АЖ ҚК ва “Ангрен шакар” МЧЖ ХК вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда республика бозорларидаги шакар маҳсулоти нархи устидан олиб борилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди”, - деб хабар қилишди қўмита матбуот хизматида.

Йиғилишда жорий йил бошидан бери шакарнинг нархи чакана савдо шахобчаларида 2900 сўмдан 3200 сўмни ташкил этгани, бунда шакарнинг декларасияланган нархи 2298 сўмни ва ўртача биржа нархи 2413 сўм бўлгани таъкидланди. Аммо, жорий йилнинг 9 апрелидан 14 апрелигача шакарнинг чакана нархи 3500 сўмдан 4000 сўмгача кўтарилганлиги кузатилди.

Ўз навбатида, шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари жорий йилнинг январ-апрел ойларида шакар сотилишининг ўсиш суръати ўтган 2014 йилнинг худди шу даврига нисбатан 170% ташкил этганлигини айтиб ўтдилар. Бундан ташқари, шакар ишлаб чиқариш учун етказиб берилган хом-ашё жорий йилнинг апрел ойида ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 2 маротаба кўпайган. Айни пайтда, шакар ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан истеъмолчиларга чекланмаган ҳажмларда шакар етказиб бериш амалга оширилган.

“Шакар маҳсулотининг чакана нархининг ошишига баъзи бир инсофсиз улгуржи ва чакана етказиб берувчилар томонидан пишиқчилик мавсуми яқинлашгани сабабли сунъий тақчилликни келтириб чиқариши ҳамда 2014 йилнинг май-июл ойларида ҳам шакар нархини ошиши кузатилгани сабабли, аҳоли томонидан меъёридан кўп шакар сотиб олинишига бўлган уринишлари сабаб бўлган”, - деб таъкидлашди қўмитада.

Шакар маҳсулотининг чакана нархини ошиб кетишига йўл қўймаслик, маҳсулот тақчиллигини юзага келтирмаслик мақсадида, “Хоразм шакар” АЖ ҚК ва “Ангрен шакар” МЧЖ ХК томонидан шакар маҳсулотини ишлаб чиқариш хажмларини ошириш ва мавсумий талабдан келиб чиққан ҳолда шакарни этарли хажмларда этказиб беришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, кўрилган чоралар натижасида бозор ва дўконларда 1 кг шакарнинг нархи барқарор равишда 2900 сўмдан 3200 сўмни ташкил этмоқда.

$1 = 2507,40 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: